Хитой халқ республикаси Жанубий Хитой денгизи ҳудудидаги оролни ўзининг ажратиб бўлмас қисми сифатида атади. Бу ҳақда расмий ҳужжатга асосланган ҳолда «Синьхуа» агентлиги хабар тарқатган.

Ҳукуматнинг расмий ахборот бюроси томонидан эълон қилинишича, "Хитой Жанубий Хитой денгизи бўйича Филиппин билан музокаралар олиб боришда давом этади".

Унда келтирилишича, Хитой "бу оролни биринчи бўлиб топган, номлаган ва ўзлаштирган". 

Шунингдек, бу оролда хитойликлар 2000 йилдан буён истиқомат қилиб келаётгани, Хитой бу оролга эгалик қилиш учун юридик жиҳатдан ҳам, тарихий асосларга кўра ҳам ҳақли экани айтилган.

12 июль куни Ҳаага халқаро суди Хитой халқ республикасининг Жанубий-Хитой денгизига даъво аризасини рад этди.

Суд қарорига мувофиқ, Хитой Халқ Республикаси Спратли архипелаги ҳудудидаги нефть ва газга бой иқтисодий ҳудудга даъвогарлик қилишга ҳақли эмас.

ХХР суднинг бу қарорини тан олмаслигини билдирди. Хитойликлар Жанубий-Хитой денгизидаги бир қатор оролларга эгалигини эълон қилди.

Маълумот учун, Жанубий Хитой денгизида ХХР бир қатор кимсасиз оролларга даъвогарлик қилади. Бундан ташқари, Тайвань,  Малайзия, Филиппин, Бруней ва Вьетнам давлатлари ҳам мазкур ҳудудларга нисбатан ҳуқуқлари борлигини билдириб келади.  Жумладан, Скарборо рифи ва Спратли архипелаги атрофида кескин баҳслар кетмоқда. Спратли нефть ва газга бой ҳисобланади.  Бундан ташқари, архипелаг ороллари стратегик аҳамиятга эга.  Хитой мазкур оролларда учиш-қўниш йўлакларини қурмоқда. Бу эса келажакда Пекин учун архипелагда мустаҳкам ўрнашиб олиш имконини беради.

2014 йилнинг июнидан Хитой баҳсли денгиз ҳавзаларида сунъий ороллар қуришни бошлаганди.

Ушбу баҳсда АҚШ Филиппинни фаол қўллаб-қувватлайди.