Италия А Сериясининг ўтган мавсумида иккинчи ўринни эгаллаган "Наполи" жамоасининг аргентиналик ҳужумчиси Гонсало Игуаинга Хитойнинг "Хэбэй Форчун" жамоасидан йилига 50 миллион евролик маош тўлашни назарда тутувчи шартнома таклиф қилинган. Испаниядаги Marca нашри маълумотига кўра, футболчи бу таклифни рад қилган.

Бундан олдинроқ, футболчини ўз таркибига қўшиб олиш учун Франциянинг "Пари Сен-Жермен", Испаниянинг "Атлетико" ва Англиянинг "Арсенал" жамоалари ўртасида кураш бошлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Хабарда айтилишича, 28 ёшда бўлган бу аргентиналик футболчи бу қадар катта миқдордаги маошдан "29 ёшида рақобатбардош лигада ўйнашда давом этиш" истаги туфайли воз кечган. Агар Игуаин хитойликларнинг таклифига кўнганида, у дунёдаги энг кўп миқдордаги маош олувчи футболчига айланган бўларди.

"Хэбэй Форчун" февраль ойида  Аргентина терма жамоасининг бошқа бир ҳужумчиси Эсекьел Лавессини "Пари Сен-Жермен" жамоасидан сотиб олганди. Бу жамоа таркибида Кот-д'Ивуар терма жамоаси ҳужумчиси Жервиньо ҳам бор, у ҳам қишда Италиянинг "Рома" жамоасидан трансфер қилинганди.

Манба: Tribuna.uz