Ирландия марказий статистика бошқармаси мамлакат ЯИМни баҳолаш усулини қайта кўриб чиққанидан сўнг, бу борадаги кўрсаткич салкам 3 бараварга ўсган. Бунга, Ирландияга қатор йирик халқаро компанияларнинг бош қароргоҳлари кўчиб ўтгани ҳам асос бўлган. Шундай қилиб, 2015 йилги 7,8 фоизлик ялпи ички маҳсулот қайта ҳисоблашдан кейин 26,3 фоизга ўзгарган. Бу икки рақам, Европадаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. 

Мамлакат ЯИМнинг ўсишига саноат ва қурилиш соҳаларидаги ишлаб чиқариш ҳажми қийматининг тез суръатларда кўтарилиши таъсир қилган. Статистика бошқармасига кўра, бу рақам 46,525 млрд евродан 87,144 млрд еврога етган.

Таъкидланишича, 2015 йили бошқа соҳаларда ҳам ўсиш қайд этилиб, 5,7 дан 10,4 фоизгачани ташкил этган. Ирландия экспорти 34,4 фоизга, импорти 21,7 фоизгача кўтарилган. 

Аммо, иқтисодчи Жим Пауэрнинг The Irish Independent газетасига айтишича, бу рақамларнинг барчаси ҳақиқатга мос келмайди. Унинг фикрича, ҳозирча ўсиш суръати ҳақида гапиришдан аввал, мавжуд вазиятни яхшилаб баҳолаш лозим. 

«Биз ишсизлик даражаси, солиқ тушуми, истеъмол даражаси ва истеъмолчиларнинг ишончи каби омилларни кўриб чиқишимиз керак», — деган  Пауэр.

Ирландия молия вазири Майкл Нунэннинг эса мамлакат иқтисодиёти ўсишда давом этишига ишончи комил. Унинг сўзларига кўра, ЯИМ ўсиши туфайли мамлакат арзон кредитлар олиши учун молиявий барқарорлигини исботлаши талаб этилмайди. Хусусан, мамлакатнинг қарзи аввалгидек ЯИМнинг 88 фоизи эмас, 80 фоизини ташкил этади.