Исроилда журналист 2015 йилда Синай яримороли устида Россиянинг Airbus A321 самолётини портлатган террорчиларнинг ҳаракатларини такрорлаб, самолёт бортига портловчи қурилманинг муляжини (сохта нусхасини) олиб ўтди. Бу ҳақда Channel 2 TV report Sunday’га иқтибос келтирган ҳолда The Times оf Israel нашри хабар бермоқда. 

Исроиллик журналист Давид Сулаймон террорчиларнинг режасини қайтара олди.

У бунинг учун қалбаки ҳужжатлар билан Тель-Авив аэропортига фаррош бўлиб ишга кирди ва шу тариқа барча, жумладан ёпиқ ҳудудлардаги хоналарга киришга рухсат олди.

Журналистнинг айтишича, у икки кун давомида 12 та самолётда бўла олган ва аэропорт ҳудудида унга йўриқномада рухсат берилгандан ҳам эркинроқ ҳаракатланишга муваффақ бўлган.

Сулаймоннинг айтишича, у исталган самолётнинг бортига кира олган ва ҳаттоки юк ортувчи ходимларга ёрдам берган. Журналист шу тариқа хавфсизлик хизматида шубҳа уйғотмоқчи бўлган, бироқ унинг бу ҳаракатлари эътиборсиз қолган. 

Журналист бир нечта самолётга газли ичимлик банкаларини олиб ўтганини видеога олган. Россия самолётида портлаган портловчи қурилма айнан шундай идиш кўринишида бортга олиб ўтилганди.

Аэропорт хавфсизлик хизмати журналистни икки кундан кейин фош қила олган. Аэропорт маъмуриятида бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслиги учун барча саъй-ҳаракатлар кўрила бошлангани маълум қилинди. Сулаймон устидан полицияга ариза ёзилди.

Россиянинг "Когалиымавиа" авиакомпаниясининг Мисрдан Санкт-Петербургга учаётган Airbus A321 самолёти Синай яримороли устида 2015 йил 31 октябрда портлаган. Самолёт бортида 217 йўловчи ва экипажнинг 7 нафар аъзоси бўлган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Теракт учун жавобгарликни ИШИД жангарилари ўз зиммасига олган.

2016 йил 16 июнда АҚШ разведкаси терактни Мисрнинг ИШИД билан боғлиқ "Ансор Байт ал-Мақдис" террорчилик гуруҳи амалга оширганини маълум қилган.