«Барселона» жамоасининг собиқ ҳимоячиси Марк Бартра ўзининг жамоадан кетиши сабаби ва мураббий Луис Энрике билан муносабатлари ҳақида гапириб ўтди.

«Мен Англияга қарши ўйиндан қайтганимда ўзимнинг ўйинимдан мамнун эдим, лекин класико учун заявкага киритилмадим. Ўша вақтда «Барселона»ни тарк этишим кераклигини англадим.

Мен барча гапни айтмоқчи эмасман. Мураббийлар ва жамоа президенти менинг қолишимни сўрашди. Лекин клубда қолиш бошқа, клубда ўзингни қадрлашларини ҳис қилиш бошқа. Мени шунчаки инкор қилишган вақтлар бўлди.

Мен Гвардиола мураббий бўлган вақтда ўзимга ишончим баланд эди. Тито Виланова эса мени асосий таркибга киритди. Тата Мартино бош мураббий бўлганида жамоанинг 30 учрашувида қатнашдим ва терма жамоага чақирила бошладим.

Мен Луис Энрике келгунича юқорилаб бораётгандим. Мен у келганида яхши ўйнаётгандим, лекин кейин мени четга чиқаришди. Кейинги 18 ой мен учун оғир кечди.

Мен энди фақат Дортмунд ва бу жамоадаги дебютим ҳақида ўйлаяпман. Менда 4 йиллик шарнома бор. Мен муваффақиятли келажак ҳақида ўйлай оламан. Мен бу клуб учун боримни беришга тайёрман», — деган Бартра.

Манба: Tribuna.uz