«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери жамоанинг янги футболчилари ҳақидаги фикрларини билдирди.

«Муса жамоа ўйинига янада тезкорлик бахш этиши мумкин. Мусанинг тезлиги Жейми Вардиники кабими йўқми, буни билмайман. Лекин у тезкор футболчи.

Бизнинг жамоамизда яна бир самолёт футболчи бўлиши жуда муҳим. Эсланг, биз ахир – Қиролликнинг ҳарбий-ҳаво кучларимиз. Шу туфайли биз яна бир чопқир футболчи билан шартнома имзоладик.

Мен Нампалис Мендини жуда яхши биламан, ахир уни ўзим ҳали у жуда ёшлигида «Монако»нинг асосий таркибига киритгандим. Ўшанда у асосий таркибда ўйнарди ва жамоа учун муҳим футболчига айланганди. Ўйлайманки, у янги мавсумда бизга кўп ёрдам беради.

Мендининг характери зўр. У ёқимтой, худди Канте каби беозор. У ҳамиша жилмайган кўйи жамоа учун чин дилдан ишлайди. У меҳнаткаш, у жуда яхши футболчи.

Рон-Роберт Цилер Англияда ўйнаган, Германияда эса ўтган мавсумда жуда яхши ўйнади. Бу футболчи аъло даражадаги реакцияга эна. Мен бизга барча турнирларда ёрдам бера оладиган ва майдонда кураш олиб борувчи шундай футболчига эга бўлганимиздан мамнунман.

Мен Луис Эрнандес Родригесга ҳам ишонч билдираман. У жуда яхши футболчи, ўнг қанотда ҳам, марказий ҳимояда ҳам бирдек ҳаракатлана олади. У тўп билан жуда яхши муомила қила олади.

Жамоамизда ҳозирда жуда зўр муҳит ҳукмрон.

Ўйлайманки, барчаси президентнинг ташаббуслари эвазига. У фантастик одам, унинг атрофидагилар ҳам. Биз аввало яхши одамларни, кейин эса яхши футболчиларни йиғишга ҳаракат қиламиз», – деган Раньери.

Қайд этиш керакки, ўтган мавсумда лестерликларни чемпионликка етаклаган ушбу мураббий жамоага тайинланганига бугун 1 йил тўлди.

Манба: Tribuna.uz