Швеция ҳукумати Ироқ Курдистонидаги пешмерга кучларини тайёрловчи ҳарбийлари сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашаётган халқаро коалиция шу мазмунда мурожаат қилган, деб хабар қилмоқда Швеция Радиоси. 

Швеция мудофаа вазири Петер Хультквистнинг сўзларига кўра, швед ҳарбийларининг фаолиятини кенгайтириш йўли билан ИШИДга қарши курашга ҳисса қўшилади. Унинг айтишича, кўплаб давлатлар аллақачон шундай йўл тутган. Швеция ҳам улардан ўрнак олиши мақсадга мувофиқ. 

Хабарларга кўра, Ироқдаги швециялик ҳарбийлар сони 35дан 70 нафарга етказилади. Мамлакат ҳукумати ушбу масала юзасидан яқин орада якуний қарор қабул қилиши кутилаяпти. Коалиция сўровида шунингдек, тиббий анжомлар билан жиҳозланган тиббиёт мутахассисларини жўнатиш ҳам қайд этилган. 

Радионинг хабар қилишича, Швеция Ироқдаги ҳарбийлари сонини икки бараварга кўпайтириш хусусидаги қарорини келаси ҳафта ИШИДга қарши коалициянинг Вашингтонда бўлиб ўтажак йиғилишида расман эълон қилади.