Американинг AMC Entertainment кинотеатрлар тармоғи Terra Firma инвестиция фондидан Европанинг Odeon & UCI тармоғини 1,2 млрдга харид қилиш бўйича битимга эришди, деб хабар қилмоқда «Синьхуа» агентлиги. AMCнинг ўзи эса, хитойлик Ван Цзяньлиньнинг Dalian Wanda Group конгломератига тегишлидир.

2015 йил декабрь ойи маълумотларига кўра, Odeon & UCI Европа бўйлаб жами 243та кинотеатр ва 2,2 мингдан ортиқ катта экранларга эга. Мазкур битимдан сўнг, AMC Entertainmentнинг кинотеатрлари сони 627та етади, унинг жами экранлари сони 8 мамлакатда 7,6 минг донани ташкил этади. 

Шу билан дунёдаги энг йирик кинотеатрлар тармоғ вужудга келади. AMC раҳбари Адам Ароннинг таъкидлашича, бундай имконият умрда бир марта бўлади. 

Шу йилнинг январь ойида Dalian Wanda Group 3,5 млрд доллар эвазига Ҳолливуднинг Legendary Entertainment киностудиясини харид қилган эди. 

Wanda асосчиси Ван Цзяньлинь 32,7 млрд доллар бойлик билан Осиёнинг иккинчи энг бадавлат кишиси ҳисобланади.