«Аватар» ва «Титаник» фильмлари режиссёри Жеймс Кэмерон Янги Зеландия туризмини намойиш этувчи кампанияда иштирок этадиган бўлди. Кэмерон ва унинг рафиқаси иштирок этган роликни YouTube'даги Pure New Zealand саҳифасида кўриш мумкин.

Жуфтлик Жанубий оролнинг диққатга сазовар жойларини тўрт кун мобайнида томоша қилишди. Аниқ қилиб айтганда, улар Тасман музликларида ва Пукаки кўлида бўлишди.
Mashable’нинг ёзишича, Янги Зеландия Кэмероннинг иккинчи уйи бўлиб қолган. У бундан тўрт йил муқаддам Веллингтон шимолидаги қирғоқларда сотиб олган уйида истиқомат қилади.

Режиссёр маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда Янги Зеландияни реклама қилган илк кинематографчи бўлди.