2016 йил 12 июль куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини  халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар ҳокими Р.Усманов олиб борди. Унда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловлари якунлари бўйича маълумотлар берилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар бермоқда.

2016 йилги сайловларда жами 370 нафар маҳалла оқсоқоллари алмашди. Жумладан, сайланган маҳалла раисларининг 47 нафарини аёллар ташкил этди. 505 та маҳалла раисларига маслаҳатчи этиб 7439 нафар фуқаролар сайланди. Сайланган маслаҳатчиларнинг 1920 нафарини аёллар ташкил этди.

Сессияда биринчи маротаба фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) этиб сайланганлар билан ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолият юритиши билан боғлиқ амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини ўрганиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, кичик ва хусусий тадбиркорликни, оилавий бизнесни ривожлантириш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик назорати, табиатни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш масалалари юзасидан ўқув курслари базасида ўқувлар ташкил этиш белгиланди.