Knightscope K5 қўриқчи-роботи АҚШдаги Стэнфорд савдо марказида 16 ойлик боланинг бошига зарба бериб, унинг оёғини босиб ўтди. Бу ҳақда The Verge хабар тарқатган.

Жабрланувчи боланинг онаси маълумот беришича, робот боланинг бошига урган, натижада бола ерга юзи билан йиқилган. 136 кг оғирликдаги робот шундан кейин ҳам ҳаракатини тўхтатмасдан, унинг оёғини босиб ўтиб кетган. Боланинг оёғида сезиларли из қолган.

Knightscope K5 роботи модели ўзига топширилган ҳудудни қўриқлаши учун яратилган. Машинанинг баландлиги бир ярим метр, оғирлиги 140 килограммга етади.

Бу робот савдо марказига 2015 йили ишга қабул қилинган. У датчик ва камералар билан жиҳозланган, ўта шовқин-суронга реакция кўрсатади ва ноодатий хатти-ҳаракатни дарҳол пайқайди.

Айни вақтда корхона савдо марказига ташриф буюрувчи ёш болаларни хавфдан холи қилиш мақсадида қандай чораларни кўриш ҳақида қарор билдирмади.