Андижонга ташриф буюрган адабиёт, санъат намоёндаларидан иборат тарғибот гуруҳлари кеча Олтинкўл, Пахтаобод ва Улуғнор туманларида бўлишди. Мустақил юртимизнинг йигирма беш йиллиги олдидан жойларда ташкил этилган тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. 

Миришкор деҳқони ва қўли гул ҳунармандлари,  қўйингки, ҳар соҳада донг таратган инсонлари билан машҳур Олтинкўл туманида меҳмонларни тантанали равишда кутиб олдилар. Бир қатор касб-ҳунар коллежлари, ихтисослашган мактаб-интернати ва умумтаълим мактабларида аҳоли ва ёшлар билан ўтган самимий машваратларда шонли тарихимизнинг чорак асрлик тўйи бош  мавзуга айланди. 
Олтинкўл Саноат касб-ҳунар коллежида тарғибот гуруҳини – кўзлари чақнаб турган ўқувчилар миллий либосларда, андижонча шўҳ рақслар билан кутиб олишди. Ўқув муасассасида ўтказилган мулоқот давомида туғилиб ўсган заминга садоқат руҳида тарбия топиб, унинг равнақи учун бор куч ғайратини сарфлаш ҳам қаҳрамонликнинг бир кўриниши эканлиги ҳақида гапирилди. “Олтин қалам” соҳибаси шоира Замира Рўзиеванинг Ватанга садоқат руҳи билан йўғрилган шеърлари, эстрада хонандалари Шоҳруҳ Юлдашев ва Аброр Азизов ижросидаги шўҳ қўшиқлар даврага файз киритди.

Кўмакай қишлоғидаги 35 умумтаълим мактабида бўлиб ўтган  учрашувда аҳоли вакиллари  тарғибот гуруҳи аъзолари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокирова ижро этган саҳна асарларидан завқланган бўлсалар, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом томонидан юрт васфини тараннум этувчи шеърларини тингладилар. Хонанда Тоҳир Усмонов томонидан айтилган қўшиқлар барчани даврага тортди. 

Тумандаги тарғибот тадбирларининг  узвий якуни 3000 нафарга яқин томошабин ташриф буюрган “Марказий” ўйингоҳида ўтказилди. Дастур давомида эл суйган санъаткор ва адабиётимиз намоёндалари чиқишлари йиғилганларга ажойиб кайфият улашди. 

Тадбирлар давомида ўтган ҳар бир лаҳза мустақил диёримиз инсонлари қалбида бир умрга ёдда қолиши аниқ.

Фурсатдан фойдаланиб, тарғибот гуруҳи сафида Андижонга ташриф буюрган санъаткорларни суҳбатга тортдик.

Гавҳар Зокирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

- Биз бугун озод ва обод юртда яшаб, ҳар куни шукроналик билан ўтаётган халқимиз билан учрашдик. Тўғриси, ўзи туғилиб ўсган заминни севишни мана шу инсонлардан ўрганишимиз керак, аслида. Улар юзидаги қувонч, бугунги кунидан фахрланиш туйғуси бизни янада шижоат билан ижод қилишга ундайди.  Юртимизга, унинг истиқлолига кўз тегмасин!   

 

Тоҳир Усмонов, хонанда:

Бугунги учрашувлар давомида олтинкўллик ёшларнинг эгаллаган билим ва салоҳиятини кўриб, тўғриси роса тўлқинланиб кетдим. Дарҳақиқат юртимизнинг мана шундай шижоатли ёшлари бор экан, мустақил диёримизнинг келажаги албатта буюкдир.

 

Матн ва суратлар муаллифи – Элмурод Эрматов, Андижон.