Австрия суди ИШИДнинг ёлловчиси бўлган шахсга нисбатан 20 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллади.

Франс Пресс агентлиги маълумотига кўра, келиб чиқишига кўра босниялик бўлган 34 ёшли Эбу Тейму террористик ташкилотга аъзолиги ва терактлар билан таҳдид қилишда айбланган. У Сурияга бир неча кишини жўнатган.

Террорчи гуруҳларга алоқадорлиги исботланган яна бир киши 10 йилга қамалган.

ИШИД бугунги кунда дунёдаги тинчликка хавф солиб турган энг йирик ташкилот саналиб, 3 йил ичида бу гуруҳ Ироқ ва Суриянинг катта қисмини босиб олди. ИШИДга қарши ягона фронт йўқ. Бу ташкилотга қарши Сурия ва Ироқ ҳукумати ҳарбийлари мустақил равишда курашади, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари ҳаводан зарбалар беради, шунингдек, минтақада истиқомат қилувчи курдлар ҳамда ливанлик ва ироқлик шиа гуруҳлари алоҳида равишда жангларда иштирок этади.