Буюк Британиянинг янги бош вазири Тереза Мэй Бирлашган Қиролликнинг янги ҳукуматини шакллантирди. Шунга мувофиқ ҳукуматнинг етакчи лавозимларига кўзга кўринган шахсларни тайинлади. Улар орасида қиролликни ЕИ таркибида қолишни истаганлар ҳам бор, истамаганлар ҳам.

Хаммонд учун молия вазирлиги

Ҳукуматнинг иккинчи йирик постидан Дэвид Кэмероннинг “ўнг қўли” ҳисобланмиш Жорж Осборн кетказилди.

Бу лавозимга илгари Буюк Британия ТИВ раҳбари сифатида фаолият юритган Филип Хаммонд тайинланди.

Хаммонд учун бу ҳукуматдаги биринчи юқори мансаб эмас. У мамлакат ТИВ раҳбари бўлишидан олдин мудофаа вазири, ундан ҳам олдин эса транспорт вазири сифатида фаолият юритган. Ўтган йили ОАВ Хаммондни Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши тарафдори сифатида эълон қилган эди, аммо якунда бунинг акси эканлиги маълум бўлди.

Бориснинг қайтиши

Айтиш мумкинки, энг шов-шувли тайинлаш бу Лондон собиқ мэрининг мамлакат ТИВ раҳбари сифатида эълон қилиниши бўлди. Чунки Борис Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши кампаниясига бошчилик қилган эди. Ҳатто у бош вазир лавозимига ўз номзодини илгари сурган эди. Бироқ Brexit тарафдорлари ичидаги қарама-қаршилик сабаб, ўз номзодини қайтиб олди.

У ёрқин евроскептик ва АҚШ-Буюк Британия иттифоқлигини энг юқори даражада қўллаб-қувватловчи сифатида кўп бор тилга олинган. Борис ҳатто Лондон мэрининг меросхўри сифатида Нью-Йоркнинг собиқ мэри Майкл Блумберг номини эътироф этган.

ИИВда тағин аёл раҳбар

Мэйнинг ўзи олти йил давомида фаолият юритган ИИВ раҳбари лавозимига яна аёл киши сайланди. Энергетика ва иқлим ўзгариши муаммолари собиқ вазири Амбер Радд ана шу постни эгаллади.

Радд Эдинбург университетини тамомлаган. Узоқ вақт мобайнида банк ва инвестиция бизнеси соҳасида иш олиб борган. Шундан сўнг молиявий мавзуларни ёритувчи журналист сифатида ишлаган. У қиролликни Европа Иттифоқида қолишини фаол ёқлаб чиқувчилар сафида бўлди.

Brexit ишлари бўйича вазир

Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиш сабаблари музокарасини олиб бориш Дэвид Дэвис зиммасига юкланган эди. 64 ёшли сиёсатдон Brexit ишлари бўйича вазирликда раҳбарлик қилаётган эди. Энди унинг зиммасига янада мушкул ишлар тушди. Дэвид Қиролликни ЕИдан чиқиши шартлари ва мамлакатни умумий бозорга кира олиш имконини сақлаб қолиш масаласида Брюссел билан музокаралар ўтказиши лозим бўлади.

Дэвис илгари қўлга киритган энг юқори мансаб 90-йилларда Британия ТИВда Европа масалалари бўйича давлат вазири мартабаси бўлган. Бу ТИВ раҳбари ўринбосари лавозими билан бир хил эди. У 2000 йилларнинг биринчи ярмида ички ишлар вазирлигининг соядаги раҳбари сифатида ишлади. Дэвис бош вазир курашида Дэвид Кэмеронга ютқазиб қўйган эди.

Вазирлар маҳкамасида Дэвиснинг ҳамкасби сифатида яна бир евроскептик Лиам Фокс фаолият юритадиган бўлди. Янги ҳукуматда 54 ёшли Фокс ташқи савдо вазири сифатида иш бошлайди.

Мудофаа вазирлигида ҳеч нарса ўзгармади

Ўз мансабини сақлаб қолган ягона юқори лавозимли амалдор сифатида мамлакат мудофаа вазири Майкл Фэллонни айтиб ўтиш керак. Консерватив партия аъзоси, 64 ёшли сиёсатдон ушбу лавозимда 2014 йилдан бери фаолият кўрсатиб келади. У ўз ишини Филип Хаммонд ўрнида бошлаган эди. Майкл Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиб кетишига худди янги бош вазир сингари қарши чиққан.