Дори-дармон воситаларининг олиб кирилишида таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндашилади. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхати тасдиқланган.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиши учун психотроп моддаларни даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқилишига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсат берилади.

Айрим фуқаролар ушбу меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя қилмасдан, божхона назоратидан яширинча психотроп моддаларни Республика ҳудудига олиб келишга уринишмоқда. 

Рақамларга мурожаат қилсак, Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ушбу соҳада 2016 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 13та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, жами 1419 дона таблетка кўринишидаги турли психотроп дори воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Жумладан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Урганч аэропорт” чегара божхона пости орқали “Москва–Урганч” йўналишидаги авиарейс билан Россия Федерациясидан кириб келаётган фуқаро Н. И. нинг қўл юклари сканер аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган, божхона назоратидан яширилган жами 1203 дона “Феназепам таблетки” ёзувли дори воситаларнини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришга уриниш ҳолати аниқланди.

Шунингдек, мазкур божхона пости орқали "Москва-Урганч" рейси билан учиб келган А. Г. га тегишли қўл сумкалари божхона назоратидан ўтказилганида, божхона назоратидан яширинча 5 конвалютада жами 50 дона “Феназепам таблетки” ёзувли психотроп дори воситаларини Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига олиб келаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 июндаги 191-сон қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.

И.Матниязов
Хоразм вилояти божхона бошқармаси оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи катта инспектори.