Иосиф Сталиннинг вафотидан кейин 1953-1964 йилларда СССР коммунистик партияси бош котиби бўлган Никита Хрушёвнинг эвараси Нина Хрушёва айни вақтда АҚШда истиқомат қилади. У ўзининг CNN учун ёзган мақоласида Россия учун АҚШнинг янги президенти ким бўлиши муҳим эканини таъкидлади.

«Россия учун Ҳиллари Клинтоннинг президент бўлгани яхши. Чунки Трамп ҳам Путин каби фақат ўзининг айтганини қиладиган ва ҳеч кимга қулоқ солмайдиган раҳбар. Иккита бир хил инсоннинг яхши муносабатда бўлиши қийин масала. Тўғри, Путин ва Трамп ўртасидаги алоқалар худди Путиннинг Берлускони билан алоқалари каби мустаҳкам бўлиши мумкин, лекин Трампнинг қизиққонлигини ҳисобга олсак, биргина кичик муаммо ҳам уларнинг орасини бузиб юбориши мумкин.

Трамп эркин дунёнинг етакчиси бўлишни хоҳлайди, шунинг учун унинг Путинга «жойи қаерда эканини кўрсатиб қўйиши» ҳеч гап эмас. Ҳиллари Клинтон айнан Россиябоп дипломат раҳбар. У прагматик ва барча масалани хотиржам туриб ҳал қилади. Русларнинг атиги 10 фоизи Клинтоннинг президент бўлишини хоҳламоқда, лекин улар учун Клинтоннинг давлат тепасига келгани тузук. Чунки Путиннинг Билл Клинтон билан алоқалари жуда яхши. Шу сабаб Билл рафиқаси ёрдамида Путиннинг ғарб етакчилари «давраси»даги мавқеини тиклаб бериши мумкин»,- дейди Хрушёва хоним.

Нина Хрушёва 1964 йилда туғилган бўлиб, СССР собиқ бош котиби Никита Хрушёвнинг эвараси ҳисобланади. У Москва ҳамда Принстон давлат университетларини тамомлаган. АҚШ ва бошқа ғарб мамлалатларда лекция ўқийди. «The New York Times», «Wall-street journal»ларда сиёсий чиқишлари чоп этилади. У ўзини «бутун дунё фуқароси» деб ҳисоблайди.