Ҳинд фирмаси АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга 6 минг қути ассам кўк чойини совға тариқасида йўллади. Бу ҳақида India TV телеканали маълум қилди. 

Ҳиндистондаги етакчи "Te-A-Me" чой қадоқлаш компаниясининг бошқарув директори Сумит Шах Трампга видеомурожаат ёзиб, унда "яхши томонга ўзгариш учун онг ва организмини тозалашда чойдан фойдаланишни" тавсия қилади. 

"Ҳурматли, жаноб Трамп, сизга Ҳиндистондан салом! Биз сизга бир олам табиий кўк чой юборяпмиз. У зиён етказувчи эркин радикалларга қарши курашади. Бу онг ва танани тозалашга, шунингдек организмда соғлом мувозанатни тиклашга ёрдам беради. Боз устига бу чой ақл салоҳиятини ошириш учун синалган воситадир. Илтимос, уни ўзингиз, Америка ва бутун дунё учун ичинг! Тозаланишнинг кечи бўлмайди". 

Сумит Шах журналистларга қимматли совғанинг баҳосини айтишдан бош тортди, лекин чойнинг "соғлиқ учун самараси жуда катта" эканлигини айтди, айниқса, уни кунига 3 пиёла ичса. "Бизнинг фикримизча, ушбу ажойиб ва фойдали ичимликни истеъмол қилиш инсонни яхши томонга ўзгартиради. У жаноб Трампга ўз мамлакати ва бутун дунёга фойда келтиришга ёрдам беради", - деди у. 

Ассам шимоли-шарқий штати Ҳиндистоннинг энг асосий чой етиштирувчи ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда асосан қора чой навлари етиштирилади. Кўк чой Ассамда камроқ тарқалган бўлса-да, қиммат баҳоланади, чунки унга ёш ва нафис барглар талаб қилинади.