Ҳиндистон почтаси ҳиндлар учун муқаддас ҳисобланган Ганг дарёси сувини етказиш тизимини йўлга қўйди. Дарёнинг "муқаддас" суви солинган идишга почтанинг сайтларидан бирида онлайн буюртма бериш имконияти пайдо бўлди.

Ганг дарёсидан сувни етказиб бериш ташаббусини май ойи охирида коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Рави Шанкар Прасад билдирганди. У бунинг зарурлигини унга бир неча маротаба сувни етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш илтимоси билан мурожаат қилганликлари билан тушунтирган.

Энди Ҳиндистон почтасининг онлайн-хизматлар сайтида (ePost Office) сувга буюртма бериш бўлими мавжуд бўлиб, унда иккита маҳсулотни танлаш имконияти мавжуд: Гангнинг бош ирмоғи ҳисобланадиган Бхагиратхи дарёси оқиб ўтадиган Ганготри аҳоли пунктидан олинган сув ва Ҳимолой тоғларида жойлашган, йога билан шуғулланувчилар орасида оммабоп бўлган Ришикешдан олинган сув. Ганготридан олинган сув 200 ва 500 миллилитри учун 25 ва 35 рупий,  Ришикешдан олингани эса мос равишда 15 ва 22 рупий туради. Бу нархга етказиб бериш нархи киритилмаган бўлиб, у етказиб бериладиган жойга боғлиқ ва хариднинг нархини бир неча маротаба ошириб юбориши мумкин.

Ҳозирча сайтда чеклов қўйилган бўлиб, бир буюртмада 500 миллилитрдан кўпроқ сувга буюртма бериб бўлмайди ва сув фақат Ҳиндистон бўйлаб етказиб берилади.

Сувга онлайн буюртма беришдан ташқари, уни почта бўлимларида сотиб олиш мумкин. Бироқ маҳаллий ОАВнинг таъкидлашича, сув сотила бошланган шаҳарларда унинг етарлича олиб келинмагани сабабли у саноқли дақиқаларда сотиб бўлинган.