«Челси»нинг янги бош мураббийи Антонио Конте бугун янги лавозимида биринчи матбуот анжуманида иштирок этди ва клубдаги дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Бу ерда бўлиб турганимдан жуда хурсандман. Янги мавсум бошланишини сабрсизлик билан кутмоқдаман. Бу менинг ҳаётим ва фаолиятимдаги янги босқич. Янги мамлакатда, дунёдаги энг қийин чемпионатда ишлаш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Бу ерда ғолиблик учун олти-етти жамоа курашади. «Челси» - ажойиб жамоа, уни бошқаришдан фахрланаман.

Бу менинг клуб базасидаги иккинчи куним, кўрганларимдан жуда мамнунман. Футболчиларнинг кайфияти менга ёқди. Терри - бизнинг сардоримиз. У харизмага эга ажойиб инсон ва футболчи. У клуб ҳақида кўп нарсани билади. У шартномасини узайтирганидан хурсандман.

Охирги мавсум жамоа учун омадсиз келди. Буни биламиз, аммо ўтмиш билан ўралашиб қолмаслик керак, бунинг ўрнига келажакда яхши натижаларга эришиш учун яхши ишлаш керак. Чемпионлик учун курашамиз, бизнинг ўрнимиз - чемпионлар лигасида, биз у ерда ҳар доим бўлишимиз керак», - дейди Конте.