13 июль куни кечқурун Москвада кучли момақалдироқ содир бўлди. Шаҳарнинг фавқулодда вазиятлар вазирлиги деразаларни ёпиш, автомобилларни дарахтлар яқинига қўймаслик, реклама шитлари ва эски қурилишларни четлаб ўтишни, шунингдек шаҳар бўйлаб саёҳат қилмай туришни ва ёмғирдан ерости ўтиш жойларида яширинмасликни тавсия қилишди. Момақалдироқ ва ёмғирли об-ҳаво 14 июлда ҳам давом этиши мумкин. 

Россия пойтахтидаги кутилмаган об-ҳаво натижасида 7 киши жабрланди, 300 тадан ортиқ дарахт қулади.

Сел келиши оқибатида баъзи магистралларда ҳаракат тўхтаб қолди.

Москвалик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ҳодисага доир юзлаб расмлар ва изоҳлар келтиришди. Анчадан бери кузатилмаган бундай ёз ҳавоси аҳоли ўртасида катта муҳокамага сабаб бўлди.  

"Ҳаётда ҳеч шунақасини кўрганмисиз? Москва ҳаддидан ошди, шекилли" деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. "Довул - нақадар чиройли! Кучли шиддатли шамол ва ёмғир! Волокардин ичиб ўтиринг ва эҳтиёт бўлинг" дея фикр билдиради яна бири. 

Кўплаб изоҳловчилар момақалдироқ туфайли душманларини чақмоқ билан уришга қодир покемонларни ёдга олиб, ҳазил-ҳузул қилишди. 

Пойтахт аҳолиси момақалдироқ пайтида электр билан боғлиқ муаммолар юзага келаётганидан шикоят қилишди.