Польшадаги Сосновец шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Заглембе» жамоаси аъзоси бўлган сербиялик ҳимоячи Зарко Удовичич «Сталь» (Мелец) жамоасига қарши кечган ва 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйинда антиқа автогол муаллифи бўлди. Бу гол урилиши тасвирланган видео эпизода YouTube порталига жойлаштирилган.

Ўйиннинг 62-дақиқаси давом этаётган ва таблода 1:1 ҳисоби порлаб турган вақтда сербиялик футболчи чап қанотда тўпни қабул қилади ва ўз дарвозаси томон ҳаракатланади. У йўлида рақибларни алдаб ўтади ва ўз жарима майдончасига "ёриб киради". Шундан сўнг, у ўткир бурчакдан туриб зарб билан тепган тўп дарвоза тўридан жой олади. Тўп дарвозабон қўллари юқорисидан ўтиб, ўнг бурчак томондаги тўсинга тегади ва дарвоза ичига киради.