Буюк Британия бош вазири этиб тайинланган Тереза Мэй бош вазирлик «пойгаси»да ўзига рақобатчилик қилган адлия вазири Майкл Гоувни ишга киришган кунидаёқ лавозимидан бўшатди. Бу ҳақда Sky News'га асосланиб, РИА Новости хабар бермоқда.

Тереза Мэй бош вазирликка расман киришиши биланоқ деярли барча вазирларни ўзгартириб ташлади. У молия вазири этиб Филип Ҳаммондни, ташқи ишлар вазири этиб собиқ Лондон мэри Борис Жонсонни тайинлади. Амбер Радд эса Мэйнинг ўрнига ички ишлар вазири бўлди. Дэвид Дэвис Brexit иши бўйича вазирлик қилади. Халқаро савдо вазирлигига Лиам Фокс раҳбар бўлди. Фақатгина мудофаа вазири Майкл Фэллон ўз вазифасида қолган.

Гоув Британия Европа иттифоқидан чиққанидан кейин Консерватив парития раҳбари бўлишда Борис Жонсоннинг номзодини қўллаб-қувватлашини айтган, лекин кейинчалик ўзи партия раҳбарлиги ва Британия бош вазирлиги учун курашга киришган эди.