Украина ҳукумати Энергия самарадорлиги жамғармасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлади, у шу йилги иситиш мавсумидан кейин кучга киради, деб маълум қилган мамлакат бош вазири Владимир Гройсман.

"Украина ҳукумати мажлисида мамлакатнинг энергия самарадорлигига қаратилган иккита қарор қабул қилинди, улардан бири махсус жамғарма фаолиятига оид тушунчалар тўпламидир", -деб ёзган бош вазир Facebookдаги саҳифасида.

Гройсманнинг уқдиришича, Жамғарманинг стратегик вазифаси, энергия истеъмоли ва захираларини ҳисобга олишни Европа меъёрларига яқинлаштиришдан иборатдир. Бу ўз навбатида, "украинларнинг тураржойларни иситиш харажатларини камайтириш, субсидияларни тежаш, кичик ва ўрта бизнесда 75 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради".

"Иккинчи қарор - 2026-йилгача гидроэнергетикани ривожлантириш дастури ҳам тасдиқланди. Унга кўра, мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш тузилмасида гидроэнергетика улушини 15,5 фоизга етказиш режалаштирилган", - деб қўшимча қилган Украина ҳукумати раҳбари.