2016 йил “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти электр станциялари томонидан 55,5 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга 7,9 миллион гигокалория иссиқлик энергияси етказиб берилди. 1,3 миллиард киловатт/соат электр энергияси экспорт қилинди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Янги Ангрен ИЭСда 300 мегаватт ва Талимаржон ИЭСда 800 мегаватт қувватга эга янги энергия блоки ишга туширилди. Навоий ИЭСни кенгайтириш ва 478 мегаваттли замонавий буғ-газ қурилмаси барпо этиш лойиҳаси амалга оширилди. Тошкент иссиқлик электр марказида 27 мегаваттли когенерацион газ-турбина қурилмаси ишга туширилди. Ноанъанавий ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш лойиҳалари доирасида Сирдарё ва Талимаржон ИЭСда детандер-генераторли агрегатлар жорий қилинди.

Мустақиллик йилларида турли қувватга эга 4 минг километрдан зиёд электр узатиш линиялари фойдаланишга топширилди. 2005 йилда "Сўғдиёна" нимстанциясининг фойдаланишга топширилиши туфайли Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий ҳудудларида яшаётган истеъмолчиларни электр билан таъминлаш ва уни транспортировка қилишда исрофларни камайтиришга эришилди. Алоқани кучайтириш ва энергия тизимининг марказий қисмидан Фарғона водийсига қўшимча энергия етказиб бериш учун Янги Ангрен ИЭСдан қабул қилувчи «Ўзбекистон» нимстанциясигача электр узатиш линиялари барпо этилди. «Ғузор» ва «Сурхон» электр нимстанциялари оралиғида узунлиги 197,8 километр электр узатиш линиясининг қурилиши ва иккинчи гуруҳ трансформаторларининг ўрнатилиши натижасида Сурхондарё вилоятини электр энергияси билан таъминлаш сифати ошди ҳамда электр энергиясини экспорт қилиш бўйича қўшимча имкониятлар яратилди.

«Чорвоқ ГЭСи гидрогенераторларини модернизация қилиш ва ишчи ғилдиракларини алмаштириш» лойиҳаси асосида 1,2 ва 3-гидроагрегатлар модернизация қилинди. 2016-2020 йилларда умумий қуввати 23,5 мегаватт бўлган 4 янги гидроэлектростанция қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, мавжуд 11 ГЭС модернизация ва реконструкция қилиниб, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати 105,8 мегаваттга оширилади. Буларнинг барчаси ушбу ГЭСларда йилига электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ўртача 521,7 миллион киловатт/соатга ошириш имконини беради.
Айни пайтда Ўзбекистон энергетика тармоғида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мавжудларини модернизация ва реконструкция қилишга доир 23 йирик инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Талимаржон ИЭСни кенгайтириш ва ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга икки буғ-газ қурилмасини барпо этиш ишлари амалга оширилаётир. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Фарғона водийси истеъмолчиларини электр энергияси билан ишончли таъминлаш учун умумий қуввати 900 мегаватт бўлган буғ-газ қурилмали иссиқлик электр станцияси қурилмоқда.