Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида «Бошланғич таълимни модернизациялаш орқали ўқув-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш» мавзуида бошланғич таълим ўқитувчиларининг форуми ташкил этилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастури асосида 1-2-синфлар учун дарслик мажмуалари – дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск яратилиб чоп этилди ва ўқувчиларга бепул етказилди. 3-4-синфлар учун чет тиллари дарслик мажмуалари тажриба-синовдан муваффақиятли ўтказилди.                     

Бошланғич синфларда чет тилларини ўқитиш учун 17 минг 222 чет тили хонаси тайёрланиб, уларнинг барчаси DVD, ўқув-кўргазмали қуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. Ўтган йилларда бошланғич синфларга компьютер, проектор жиҳозлари ва 5-9-синфлар учун хорижий тилларни ўрганишга оид материаллар етказилган бўлса, бу йил тўққиз мингдан зиёд чет тили хонаси техник воситалар ва жиҳозлар билан таъминланади. 

Йиғилишда чет тили ўқитувчиларининг бу борадаги малакасини ошириш, нутқ кўникмаларини ривожлантириш, мактабда, айниқса, бошланғич синфларда чет тилларни ўқитиш методикасини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Ушбу масалаларнинг илмий-амалий ечимларига бағишланган маърузалар тингланди. Чет тилларни ўқитишни такомиллаштириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.