Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН) Ҳааганинг Жанубий Хитой денгизи бўйича чиқарган қарорига қўшма баёнот билдиришдан бош тортди. Бу ҳақда Лаос Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига асосланиб, Bangkok Post хабар тарқатди.

Ташкилотга бу йил айнан Лаос раислик қилмоқда.

Ҳааганинг Филиппин фойдасига чиқарган қарори
12 июль куни Ҳаагадаги халқаро арбитраж суди Филиппиннинг ХХРнинг Жанубий Хитой денгизида қурилиш ишлари олиб боришига қарши даъвосини қабул қилди. Суд қарорига кўра, Хитой Халқ Республикаси Спратли архипелаги ҳудудидаги нефть ва газга бой иқтисодий ҳудудга даъвогарлик қилишга ҳақли эмас.

Пекин бир неча ўн йилдан буён ҳудуднинг баъзи мамлакатлари билан Жанубий Хитой денгизидаги бир қатор оролларнинг ҳудудий дахлдорлиги юзасидан баҳс юритиб келмоқда. Гап, биринчи навбатда, Сиша архипелаги (Парасел ороллари), Наньша ороллари (Спратли) ва Хуанъянь (Скарборо маржон қоялари) ҳақида бормоқда.

Баҳсга у ёки бу даражада Вьетнам, Бруней, Малайзия ва Филиппин ҳам аралашган. 2013 йилнинг охиридан буён Пекин Жанубий Хитой денгизида сунъий оролларни яратиш, шунингдек, ушбу ҳудудларни кенгайтириш ва ўзлаштириш юзасидан йирик кўламли гидротехник ва қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Баъзи экспертларнинг баҳолашича, Пекин бу каби ҳаракатлар орқали ҳудуд устидан назоратни қўлга киритишга интилмоқда.