Aston Martin компанияси 2020-йилдан сўнг, ўртаҳажмли моторга эга суперкар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда, Британия моделининг бош дизайнери Марек Рейхман сўзларига асосланган ҳолда The Drive хабар қилмоқда.

Янги машинани ишлаб чиқишда гибрид гиперкар AM-RB 001 технологиясидан фойдаланилади. Гиперкар Red Bull компанияси ва унинг бош муҳандиси Эдриан Ньюи билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганди. 

«Астон»нинг бош дизайнери, шунингдек, AM-RB 001га оид янги тафсилотлар билан ўртоқлашган. Супергибридга бутунлай янги 12 цилиндрли агрегат ўрнатилади. У, DB11 модели учун ишлаб чиқилган 5,2-литрли, V12 битурбо моторидан кучлироқ ва енгилроқ бўлади. Двигатель дақиқасига 11 минг маротаба айланиш имконига эга. Аввалроқ, AM-RB 001нинг қувват манбасига трек суперкари Vulcanнинг 7 литрли 112 цилиндрли мотори ҳам ўрнатилиши мумкинлиги хабар қилинган эди. 

Aston Martin ва Red Bullнинг қўшма супергибриди июль ойи бошида намойиш этилганди. Норасмий маълумотларга кўра, «Астон» ушбу моделнинг йўл намунасидан 99тадан 150 донагача ва 25 тагача пойга намунасини ишлаб чиқишни режалаштирган. 

Унинг нархи 3,3 миллион евро атрофида бўлиши айтилмоқда. Компаниянинг илк мижозлари 2017 йилдаёқ ўз машиналарини олиши мумкин.