Американинг Rambus компаниясининг омади келган кўринади. Гап шундаки, у орзудаги шартномани имзолашга муваффақ бўлган. Хабарларга кўра, Boeing корпорацияси бирмунча янги турдаги ҳужумлардан ҳимоя қилиш воситасини ишлаб чиқиш мақсадида Rambus компаниясининг лицензиясини харид қилган. Янги технология бузилувчи тизимларнинг истеъмоли ва электромагнит нурлари асосида ишлаб чиқарилади. 

Rambus технологияси фуқаро ва ҳарбий самолётлар ҳамда фазовий қурилмалар бортидаги ҳисоблаш тизимларини муҳофаза қилишда қўлланилади. Одатдагидек, шартнома қиймати эълон қилинмаган бўлса-да, Rambus ўзининг “тилла балиғи”ни тутганини англаш қийин эмас. Чунки, АҚШ ҳарбий бюджети шунчаки йирик эмас, балки жуда ҳам йирик. 

Аниқроқ сўз юритиладиган бўлса, Boeing корпорацияси Rambusнинг DPA-ҳужумлар (differential power analysis – энергия истеъмолининг дифференциал таҳлили)дан ҳимоя қилиш технологиясига лицензиясини олган. Ушбу турдаги ҳужумлар дастлаб кредит карточкаларини бузиш чоғида аниқланган. Бироқ, сўнгги йилларда бошқа соҳаларга ҳам тарқала бошлади. Умуман, бу турдаги ҳужумлар ноанъанавий каналлар орқали уюштирилади. Тизимнинг электр истеъмоли ёки электрмагнит нурларини тарқатиш таҳлили, назарий жиҳатдан иш фаолияти учун зарур бўлган барча калитларни аниқлаш ва кейинчалик нишонни ишдан чиқариш имконини беради. 

Шуниси қизиқарлики, аслида Rambus компанияси ҳам айни технология учун ҳуқуқни 2011-йили Cryptography Research компаниясидан сотиб олган эди. Ўша вақтда, Cryptography Research технологияси лицензиясига Atmel, Infineon, Microsoft, NXP, Raytheon, Renesas, Samsung, STMicroelectronics, Toshiba ва Visa компаниялари ҳам эгалик қилган. Кейинчалик, Rambus таркибида DPA-ҳужумлардан ҳимоя қилиш тизимини Cisco Systems, Winbond ва бошқалар харид қилди. Boeing билан имзоланган шартнома эса, Rambus олиб бораётган муваффақиятли сиёсатнинг узвий давоми бўлди, дейишмоқда экспертлар.