Бухоро аэропортида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Россиядан қайтган Ўзбекистон фуқаролигига эга шахсни қўлга олган. РИА Новости агентлигининг республика ИИВ вакилига асосланиб хабар беришича, бу шахс эктремистик руҳдаги материалларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кирмоқчи бўлганди.

"Москва-Бухоро" рейси йўловчиларининг божхона текширувидан ўтказилиши вақтида йўловчилардан бирининг ноутбуки ҳамда телефонида "Ҳизб ут-Таҳрир" диний оқими тарғиботи учун тайёрланган видеоматериаллар аниқланган. Шунингдек, қурилмаларда 300га яқин аудиоматериаллар бўлган", дея маълум қилган манба.

Қўлга олинган шахс дастлабки тергов вақтида Россиянинг Калуга вилоятида "Ҳизб ут-Таҳрир" ғоялари билан танишгани, Ўзбекистонга паспортини алмаштириш учун келгани, тезда Россияга қайтиб кетмоқчи бўлгани ҳақида айтиб берган.

Унга нисбатан "Диний экстремизм руҳидаги материаллар олиб кириш, сақлаш ва тарқатиш" моддаси бўйича жиноий иш очилган. Қонунда бундай жиноят учун 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўллаш назарда тутилган.