Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс ўзининг бу лавозимдаги 3 йиллик фаолиятига якун ясади. Бу ҳақида у 14 июль куни ўтказилган Франция миллий байрамига бағишланган тадбирда маълум қилди. Бу ҳақида “Turkiston-press” ахборот агентлиги хабар берди. 

Унга кўра, Франция элчиси мазкур тадбирда ўзининг Ўзбекистондаги 3 йиллик миссиясини тугаллаётганини маълум қилди ҳамда шу давр ичидаги асосий воқеаларни  эслаб ўтди. 

“Сиёсий жиҳатдан биз икки томонлама алоқаларимизни ташқи ишлар вазирлари даражасида давом эттирдик, 2015 йилда иқлимнинг ўзгариши бўйича 21 - конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш муносабати билан олинган танаффусдан кейин куз ойларида уни қайта тиклашга умид қиламиз. 2015 йилнинг июлида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев француз ҳамкасби Жак Тубон билан учрашиш мақсадида Францияда бўлиб қайтди. Парламентлараро ҳамкорлик ҳам жуда фаол кечди. Бундан ташқари мазкур сиёсий суҳбат мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича тажриба алмашинуви билан тўлдирилди”, - деди Жак-Анри Эльс. 


Шунингдек у ўтган 3 йил ичида савдо-иқтисодий алоқалар соҳасида ҳукуматлараро ҳалқаро комиссия  йиғилишлари қайта тикланганлигини маълум қилди. Бир ҳафтадан сўнг Тошкентга ташқи савдо, сайёҳликни ривожлантириш ва французларнинг мамлакат ташқарисидаги ишлари бўича Давлат котиби Маттиас Фекл бошчилигидаги делегация ташриф буюради. Делегация тахминан 40 нафар франциялик ишбилармонлардан иборат бўлади. 


Жак-Анри Эльс 2015 йилнинг августида элчихона биносида Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) минтақавий идораси очилганлигини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга Ўзбекистон пойтахтида Француз альянсининг очилиши ҳам таҳсинга сазовор, чунки бу университетлараро ва тиллар ҳамкорлигига ижобий таъсир кўрсатади. 

Ҳисобот даврида Ўзбекистонда француз тилининг ўқитилиши бўйича таълим соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилганлиги ҳам таъкидланди. Университетлараро ҳамкорлик доирасида Юридик институти, ЎзДЖТУ, вилоят марказларидаги университетлар билан икки томонлама ҳамкорлик муваффақиятли ривож топганлигига урғу берилди. 

Бундан ташқари Франция элчиси ўтказилган маданий тадбирларга ҳам тўхталиб ўтиб, уларнинг жамиятдаги ўрнини юқори баҳолади. 

Элчи Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлардан бири – бу археология соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳалари эканлигини таъкидлади. 

“Самарқанд, Бухоро ва Термиздаги тўртта экспедициямизнинг намунавий фаолиятига тўхталиб ўтмоқчиман. Бухородаги экспедицияга бошчилик қилган Лувр музейи 2018 ёки 2019 йилда Парижда кенг кўламли археологик кўргазма ўтказишни режалаштирмоқда”, - деди Франция элчиси.

Жак-Анри Эльс нутқига якун ясар экан, икки томонлама алоқаларнинг ривожланишига фаол ҳисса қўшган ўзбек ҳамкорларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди.