Франция президенти Франсуа Олланд 14 июль кечки пайт Франция миллий байрами – Бастилиянинг олиниши кунини нишонлаш вақтида уюштирилган ҳужум муносабати билан Ницца аҳолисига ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари уларга зарур бўлган исталган кўмакни кўрсатишга ваъда берди. Бу ҳақда Елисей саройида маълум қилинди.   

Олланд ҳужум муносабати билан, шунингдек, халққа телевидение орқали мурожаат қилди.

"Террорчилар яна Францияга зарба беришди. Бу фанатиклар томонидан инсон ҳуқуқлари тан олинмайди ва Франция кўринишича уларнинг асосий нишонига айланди. Бу жуда даҳшатли ва биз террорчилик билан курашишга қодирлигимизга ишонч ҳосил қилиш учун барча ишни қилишимиз кераклиги ҳаммамизга аён. Биз тўлиқ ҳушёрлик намоён қилишимиз, ҳимоямиз даражасини оширишимиз лозим", деб айтди Олланд. 

Олланд, шунингдек 26 июлда тугаши керак бўлган фавқулодда вазият тартибининг яна 3 ойга узайтирилишини маълум қилди. Унинг айтишича, тегишли қонун лойиҳаси яқин кунларда парламентга киритилади.
 
14 июль кечки пайт Ниццада юк машинаси ҳайдовчиси шаҳарнинг Инглиз соҳилбўйисида байрам муносабати билан отиладиган салютни томоша қилгани тўпланган одамларни атайлаб босиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, ҳайдовчи зигзаг тарзида тўхтамасдан юриб одамлар устига бостириб борган. У иложи борича кўпроқ одамларни босиш мақсадида шу тарзда 2 км га яқин йўл босиб ўтган ва шундан кейин одамларга қарата ўқ узган. Махсус операция натижасида босқинчи йўқ қилинган.

Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. Бу ҳақда 15 июлда Daily Mail нашри хабар берди. Бироқ бунинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ. 

"Француз ОАВнинг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган", дейилмоқда газета берган хабарда.

Охирги маълумотларга кўра, камида 80 киши ҳалок бўлган, 120 дан кўпроқ киши жароҳат олган.