Google компанияси Ниццадаги фожиа туфайли Францияга Hangouts мессенжери,  Google Voice овозли сервиси ва Project Fi виртуал операторлари ёрдамида амалга ошириладиган барча қўнғироқларни бепул қилди. “Биз инсонлар ўз яқинлари билан алоқада бўлишларига ёрдам бериш мақсадида дунёнинг исталган бурчагидан Hangouts, Google Voice ва Project Fi орқали Францияга амалга ошириладиган қўнғироқларни бепул қилдик ”, - дейилади компания хабарида. 

Бундан ташқари компания тармоқда Ницца ва унинг яқинида бўлган кишилар учун француз ҳукумати томонидан янгиланган Google Now харитасини жойлаштирди.

14 июлда Франциянинг миллий байрами сифатида нишонланадиган Бастилиянинг олиниши куни мамлакат тарихида энг мусибатли кунлардан бири сифатида эсда қолса керак. Шу куни Ниццада юк машинаси кўчада байрамни нишонлаш учун тўпланган одамларнинг устидан босиб кетган. Оқибатда камида 84 киши ҳаётдан кўз юмган, 120 дан кўпроқ одам жароҳат олган.  


Франция президенти бу ҳужумни теракт деб таъкидлади. Уни асли келиб чиқиши тунислик бўлган 31 ёшли француз амалга оширгани маълум бўлди. Манбаларга кўра, террорчи аввал ҳам полиция назарига тушган бўлган.