Ниццада теракт амалга оширилган вақтда ҳудудда 4 нафар қозоғистонлик сайёҳ ҳам бўлган, уларга шикаст етмаган. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ вакили Ануар Жайнаков маълум қилди.

"Кечаси ТИВга Қозоғистон фуқароси мурожаат қилиб, ўзининг Ницца шаҳридаги Инглиз қирғоғига  яқинда жойлашган меҳмонхонада экани, ёнида яна 3 нафар қирғизистонлик борлиги ҳақида маълум қилди. Улар ойна орқали кўчада одамларнинг жасадларини кўриб, ўз ҳаётларидан хавфсирашганини айтиб, ёрдам сўрашган. Ўз навбатида уларга дипломатларимиз маслаҳатлар беришди. Уларга хавфсизлик чораларига риоя этиш тавсия қилинди. Улар ҳозирда хавфсиз шароитда. Уларнинг ҳеч бирига шикаст етмаган", дея Жайнаковнинг сўзларини келтиради "Новости-Казахстан".

Жайнаков гап жуфтлик ва уларнинг 2 фарзанди ҳақида кетаётганига аниқлик киритган.

Қозоғистон ТИВ Ницца теракти қурбонлари ва жабрланувчилари орасида қозоғистонликлар йўқлигини таъкидлаган.

14 июль куни кечқурун Ниццадаги Инглиз қирғоғида мудҳиш ҳужум амалга оширилди. У ерда ўша вақтда Франция Миллий байрами шарафига отилган мушакларни томоша қилаётган минглаб кишилар бўлган. Одамлар устига юк машинаси бор тезлиги билан бостириб кирган. Машина 2 км масофа бўйлаб одамларни босиб ўтган. Шунингдек, рулдаги ҳайдовчи чор атрофга ўқ узган. Полициячилар уни отиб ўлдиришган.

Мамлакат президенти Франсуа Олланд бу ҳодисани теракт сифатида баҳолади.

Франция ички ишлар вазирлиги берган сўнгги маълумотларга кўра, бу теракт натижасида 84 киши ҳалок бўлди, жабрланганларнинг 18 нафари оғир аҳволда.

Бундан олдинроқ, Россиянинг Марселдаги Бош консулхонаси бир нафар россиялик ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган эди. Яна бир Россия фуқароси жароҳат олган, бир неча киши қидирилмоқда.

Ўзбекистон ТИВ ҳозирча бу теракт ҳақида маълумот бермади.