Интернетда Ниццадаги теракт ижрочисини тўхтатиб қолишга уринган мотоциклчининг ҳаракати тасвирланган видео пайдо бўлди. У юк машинасини таъқиб қилади ва етиб олгач, унинг эшигини очишга уринган вақтида йиқилиб, ғилдираклар остида қолади.

"Мен балконда турар эдим... одамлар қандай байрам қилишаётганини томоша қилиб. Бирдан пайдо бўлган юк машинаси оломон устига юра бошлади. У жуда секин ҳаракатланаётгандек эди... машинани мотоцикл таъқиб қилиб борарди. Мотоциклчи юк машинасига етиб олгач, ҳайдовчи томонидаги эшикни очишга уринди, лекин шу вақтда пастга қулади ва ғилдираклар остида жон берди", дея ҳикоя қилади воқеа гувоҳига айланган германиялик журналист Рихард Гутъяр.

14 июль куни, маҳаллий вақт билан соат 22:30да Ниццадаги Лазур қирғоғида террорчи юк автомобилини мушакбозликни томоша қилишга тўпланган одамлар устига ҳайдади. Натижада 84 киши ҳалок бўлиб, юздан ортиқ киши жароҳатланган.   

Гувоҳлар маълумотига кўра, юк машинаси 2 километр масофада одамларни босиб ўтган. Ундан ташқари террорчи одамларга қарата ўқ отган. Полиция уни йўқ қилган.

Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси айни дамда Франция қутқарув хизматлари билан алоқада бўлиб Ниццада Ўзбекистон фуқаролари бўлган-бўлмаганига аниқлик киритмоқда.