Ниццада 14 июль кечки вақт одамларни босиб кетган юк машинаси ҳайдовчисининг шахси аниқланди. Бу кимса Ниццада яшайдиган 31 ёшли тунис миллатига мансуб эркак бўлган. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 
   
14 июль кечки вақт оқ рангли юк машинаси Франция миллий байрами – Бастилиянинг олиниши куни шаҳарнинг Инглиз соҳилбўйисида байрамни нишонлаш учун тўпланган одамларни босиб кетган. Охирги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 80 киши ҳалок бўлган, 120 дан кўпроқ одам жароҳат олган. 

Ҳужум вақтида одамлар орасида саросима бошланган. Юзлаб одамлар уларнинг устига бостириб келаётган юк машинасидан қочиш мақсадида ўзларини денгизга отганлар. Маълум қилинишича, уларнинг барчасини қутқариб, соҳилга етказишга муваффақ бўлинган.   

Гувоҳларнинг айтишича, юк машинаси иложи борича кўпроқ одам босиб кетиш мақсадида у ёқдан-бу ёққа чайқалганча зигзаг кўринишида одамлар устига босиб борган. Уларнинг айтишича, улар дастлаб режалаштирилган ҳужум нишонига айланганларини билмаганлар.

"Дастлаб биз ҳайдовчининг тоби қочдик деб ўйладик, бироқ тезда бу атайлаб қилинаётганини англадик. У иложи борича кўпроқ одам ўлдирмоқчи эди", деб айтди гувоҳлардан бири. 

Полициячилар ҳайдовчини отиб ўлдиришган. Машина ичида катта миқдорда қурол ва гранаталар топилган. Қурол-аслаҳалар жанговор ҳолатда бўлган.  

Аввалроқ Франция ички хавфсизлик бошқармаси раҳбари Патрик Кальвар террорчилар терактлар уюштириш учун транспорт воситаларидан фойдаланишни режалаштираётганидан огоҳлантириб ўтганди. Бу ҳақда Le Figaro газетаси хабар бермоқда.  
 
Кальварнинг фикрича, ИШИД террорчилик гуруҳи терактлар уюштириш учун янги тактикани ўйлаб топган. Унга кўра, террорчилар ўз қабиҳликларини амалга оширишда миналаштирилган автомобиллардан фойдаланишга ўтадилар.