Ўз таътилини Франциянинг Ницца шаҳрида ўтказаётган Финляндия фуқароси Олли Анттонен Бастилия олиниши кунида содир этилган терактда аслида нималар содир бўлганини ҳикоя қилиб берди. Бу ҳақда Yle нашри ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Анттонен узоқдан тезлик билан келаётган юк машинасини кўрган ва кўнгли ғашланиб, рафиқаси билан меҳмонхонага қайтишга чоғланган.
«Кутилмаганда одамлар қий-чув кўтариб, додлашни бошлади. Соҳилда эса юк машинаси елиб борарди. Унинг тезлиги соатига 80-90 км эди. У йўлида учраган барчани уриб, янчиб кетаверди», — деди у.

Машина у ва рафиқаси турган жойдан 10 метр узоқликда ўтиб кетган.

Унинг айтишича, майдонда жуда кўп одам бўлган ва улар устиларига бостириб келаётган машинага чап беришга улгуришмаган.
«Ҳозир бутун шаҳар шок. Кўз ўнгимдаги бу манзара урушга ўхшайди», — деди у. Шундан сўнг у рафиқаси билан Финляндияга қайтишга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ниццада содир этилган терактда 84 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Францияда теракт сабаб уч кунлик миллий мотам эълон қилинди.