Франциянинг курорт шаҳарларидан бири ҳисобланмиш Ницца шаҳридаги соҳилбўйида 14 июль куни кечқурун содир этилган теракт ИШИДнинг 2014 йил сентябрида маълум қилинган қўлланмаларини эслатади. Бу ҳақда Le Figaro нашри ёзди.

Ўшанда террорчи ташкилотнинг матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарган Абу Муҳаммад ал-Аднани ИШИД тарафдорларини душман давлатларда нишонларни йўқ қилиш учун исталган йўлларни қўллашга чақирганди.

"Агар бомба портлата олмасангиз ёки ўқ ота олмасангиз, ўзингиз бир йўлини топинг", деганди у ва "француз ёки америкалик худосизларни машинада босиб ўлдириш ёки сўйиш мумкинлиги"ни қўшимча қилганди.

У шунингдек, кимни ўлдириш аҳамиятли эмаслиги, ҳарбийларни ҳам, оддий фуқароларни ҳам бир бошдан ўлдиравериш кераклигини қайд этганди.

"Уларнинг барчаси душманлардир. Улар қонлари билан жавоб бериши керак", деганди ушбу террорчи.

Le Figaro 2015 йилнинг февралида пичоқ билан қуролланган шахс Ниццадаги майдонда 3 нафар полициячига ташланганини эслаган. Ҳужум қилувчи - Мусса Кулибали қўлга олинган.

14 июль куни кечқурун Бастилия олинган кун муносабати билан ўтказилган Миллий байрам вақтида Ницца шаҳридаги Инглиз қирғоғида тўпланган одамлар устига юк машинаси ҳайдаб борилиши оқибатида 84 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, айни вақтда жароҳатланган 18 киши шифохонада қолмоқда.

Ғарб нашрлари маълумотига кўра, рулда келиб чиқиши тунислик бўлган 31 ёшли Франция фуқароси ўтирган. У ҳодиса вақтида полициячилар томонидан отиб ташланди. У муқаддам безорилик ва ўғрилик учун судланганди.