Миланнинг "Интер" футбол клуби бош мураббийи Роберто Манчини яқин орада ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Tribuna.Uz хабар бермоқда

Таъкидланишича, мутахассис клубнинг ижрочи директори  Майкл Болингброк билан учрашув ўтказган ва у билан ҳамкорликни тўхтатиши мумкинлигини муҳокама қилган. 

Аввалроқ ТАСС вазиятдан хабардор манбага иқтибос келтирган ҳолда, 51 ёшлик италиялик мутахассис Россия терма жамоаси бош мураббийи лавозимига номзод сифатида қаралаётганини маълум қилганди. 

Манчини 2014 йилдан "Интер"га мураббийлик қилади. Клуб Италия чемпионатининг охирги мавсумини 4-ўрин билан якунлади. Бунгача Манчини "Интер"ни 2004-2008 йиллар давомида бошқариб, клуб билан 3 маротаба Италия чемпионати ва 2 марта мамлакат суперкубогини ютганди. Манчини, шунингдек, "Фиорентина" (2001-2002), "Лацио" (2002-2004), "Манчестер Сити" (2009-2013) ва "Галатасарай" (2013-2014) билан ишлаган. "Фиорентина", "Лацио" Манчини мураббийлиги остида Италия кубоги (мос равишда 2000/01, 2003/04 йиллардаги мавсумлар), "Манчестер Сити" Англия чемпиони (2011/12) ва мамлакат кубоги (2010/11), "Галатасарай" эса Туркия кубоги соҳиби (2013/14) бўлган.