Айни вақтда Ницца шифохонасидаги 50 кишининг аҳволи оғир. Бу ҳақда шаҳарга келган Франция президенти Франсуа Олланд маълум қилган.

"50 нафар киши ҳаёт ва ўлим орасида турибди. Теракт натижасида 84 киши ҳалок бўлган", деган президент.

Унинг сўзларига кўра, қурбонлар орасида хорижий мамлакатлар фуқаролари кўпчиликни ташкил қилади. У шунингдек, кўплаб болаларнинг ҳалок бўлгани ҳақида гапирган.

14 июль куни кечқурун Бастилия олинган кун муносабати билан ўтказилган Миллий байрам вақтида Ницца шаҳридаги Инглиз қирғоғида тўпланган одамлар устига юк машинаси ҳайдаб борилиши оқибатида 84 киши ҳалок бўлди.

Ғарб нашрлари маълумотига кўра, рулда келиб чиқиши тунислик бўлган 31 ёшли Франция фуқароси ўтирган. У ҳодиса вақтида полициячилар томонидан отиб ташланди. У муқаддам безорилик ва ўғрилик учун судланганди.