Перес Хамесни «Реал»да олиб қолмоқчи, Зидан эса унинг кетишига қарши эмас.

«Реал» президенти Флорентино Перес ва жамоа бош мураббийи Зинедин Зидан колумбиялик ярим ҳимоячи Хамес Родригеснинг келажаги борасида умумий фикрга кела олмаяпти», дейилади AS хабарида.

Манбанинг маълумотига кўра, Зидан 25 ёшли футболчининг ўйинларидан қониқиш билдирмаяпти ва уни сотувга қўймоқчи. Перес эса Хамесга яна имконият бериш керак деб ҳисобламоқда. Президентнинг фикрича, жамоада колумбиялик футболчининг бўлиши «Реал»нинг Жанубий Америкадаги обрўсини таъминлайди ва бу клубнинг молиявий ҳолатида акс этади.

Бундан олдинроқ «Реал» Хамес учун 80 млн евро тўлашга тайёр жамоа топилса, уни қўйиб юборишга тайёрлиги ҳақида хабар қилинганди. Футболчини ўз сафида кўришни истаган жамоалар қаторида «ПСЖ» бор.

Футболчининг ўзи якуний қарорни кутмоқда ва керак бўлса бошқа клубга ўтишга тайёр. 

Ўтган мавсумда Родригес Испания чемпионатининг 26 учрашувида майдонга тушди (шундан 17таси асосий таркибда) ва 7 гол уриб, 8 марта голли узатма муаллифи бўлди.

Манба: Tribuna.uz