Россия президенти Владимир Путин Ниццадаги терактлар муносабати билан телевидениеда чиқиш қилиб, Франция президенти Франсуа Олланд ва француз халқига ҳамдардлик билдирди

“Қадрли Франсуа! Россия террор ва таҳдид нималигини яхши билади. Бизнинг халқимиз бундай фожиалар билан бир неча маротаба тўқнаш келган, рўй берган воқеа юзасидан француз халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, - деди Путин.

“Кўплаб кишилар, шу жумладан Россия фуқаролари  ҳаётига ҳам зомин бўлган Ниццадаги жиноят шафқатсизларча амалга оширилган”, - дея қўшимча қилди РФ президенти. У “терроризмни фақат бир ёқадан бош чиқариб енгиш мумкин”лигини таъкидлаган. 

“Жаноб президент, ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзиямизни етказишингизни сўраб қоламиз, жабр кўрганларга эса тез орада шифо топишни тилаймиз”, - деди Путин мурожаатида. 

Бундан аввал Россия президенти француз ҳамкасбига таъзия изҳор қилинган телеграммани жўнатди. 

14 июлда Франциянинг миллий байрами сифатида нишонланадиган Бастилиянинг олиниши куни мамлакат тарихида энг мусибатли кунлардан бири сифатида қайд этилади. Ушбу кун Ниццада юк машинаси кўчада байрам мушакларини томоша қилиш учун тўпланган одамларни босиб кетган. Бунинг натижасида камида 84 киши ҳаётдан кўз юмган, 120 дан кўпроқ одам жароҳат олган.