Ниццадаги терактни содир этган ҳайдовчи-қотил ўзини йўлда тўхтатган полициячиларни оддий ёлғон билан алдаб, байрам тантаналари ўтказилаётган ҳудудга кириб борган. The Daily Mail хабарига кўра, бу террорчи полициячиларга машина юкхонасида байрамдаги болалар учун музқаймоқ олиб кетаётгани ҳақида айтган.

Нашрнинг қайд этишича, ҳужумни уюштирган шахс, келиб чиқиши тунислик бўлган франциялик 31 ёшли Муҳаммад Лахуайеж Бухлель тураргоҳда 9 соат пайт пойлаган. У шундан кейингина полициячилар юкхонани текширмаслигига амин бўлиб, йўлга чиққан.

Аввалроқ ушбу шахс қурол олиб юрганлик ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликка тортилгани, аммо улар террорчиликка алоқадор бўлмагани маълум бўлганди. Франция махсус хизмати уни кузатиб бормаган.

14 июль куни кечаси Ниццада Бастилия олиниши кунидаги байрам вақтида юк машинаси оломон устига бостириб бориши натижасида 84 нафар киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Улардан 50 нафари оғир аҳволда.