Аввалдан айтиб қўйиш лозим — бунда ўзимни заррача мақташ ниятим йўқ. Ўшанда нимаики бўлган бўлса, Аллоҳнинг изни биландир. Бу ҳикоя бундан 11 йил муқаддам, хорижий давлатлардан бирига қилинган сафар чоғида бўлган эди. Дунёнинг 18 та давлатидан тил ўрганиш курси амалиётини ўташ учун келган 120 чоғли талаба ичида эстониялик икки қиз ҳам бор эди. Уларнинг китобхонлиги, айниқса, кўнгилочар дастурлар чоғида ўзларини четга олиб туриши, ҳар бир нарса-ҳодисага ажиб ҳайрат билан боқишлари эътиборимни тортди. Бир оқшом дискотека ва чўмилишдан бош тортган уч-тўрт киши бир стол атрофида ўтириб қолдик ва яқиндан танишдик. Бири Алиса, иккинчиси Кадри экан. Шарқшунослик факултетида ўқишаркан. Суҳбатимиз шарқ алломалари асарларига тақалганда Алиса сўраб қолди:
— Нега “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин” каби асарларда ошиқ-маъшуқлар висолга етмайди? Барчасида бир хиллик... Ахир ҳаётда ҳадеб бундай бўлавермайди-ку...
Мен уларга мажозий ишқ, тасаввуф ҳақида билганларимни айтдим. Бунда биру бор бўлган Аллоҳга интилиш борлигини англатдим. Қизиғи, улар ҳали Ислом ҳақида тасаввурга эгамас экан. Гап айланиб динларга тақалди. Шунда улардан сўрадим:
— Сизларнинг динингиз нима? 

Улар елка қисишди. 

— Ибодат қиласизларми? 

— Ҳа, тупроққа сиғинамиз, — дейишди. 

— Нега? — дедим беихтиёр. 

— Чунки у бизга ризқ беради. Ундан турли ноз-неъмат униб чиқади. 

— Лекин сизу-биз унинг юзига оёқ қўямиз-ку? 

— Аҳлату чиқиндилар ҳам унинг бағрига тўкилади... — Ёнимдаги қримлик дўстим ҳам мулойим табассум ила қўшимча қилди. 

   Уларнинг юзи қизарди. Бири баҳсга киришди. Лекин мен ётиғи билан ерни хоҳлаганча “таҳқирласа” бўлишини, қўл билан ушлаш, оёқ билан тепиш, қўполроқ айтганда устига бавл қилиш ҳам мумкин бўлган нарса ҳеч қачон Худо бўлолмаслигини айтдим. Улар хайрлашмай туриб кетишди. 

Орадан уч кун ўтгач, Алиса бир аҳволда ёнимга келди. Кўзлари киртайган, ранги сўниққан. Паришон бир вазиятда саломни ҳам унутиб савол берди: 

— Борди-ю, ер Худомас экан, унда ким? 

— Аллоҳ! 

— У қаерда? 

— Ҳамма жойда. 

— Нега энди Қуёш, Ой ёки кўриниб турган бошқа бир жисм эмас, кўринмас бир нарсани айтаяпсан? 

— Уни кўриш, ушлаш мумкин бўлганида Илоҳ бўлолмасди... 

— Кўрмай туриб ишониб бўлмайди-ку, ахир...
Унинг изтиробини ҳис қилардим. Сал нарида шериги ҳам мўлтираб турган экан. Иккисини ўриндиққа таклиф этдим ва саволлар бердим. 

— Хўш, жисмингиз кўринади-ю, руҳингиз-чи? Дарахтни тебратаётган шамолни айнан кўриб турибсизми? Кислородни-чи?... Кўрмай туриб ҳам борлигига барчамиз шоҳидлик берадиган қанча яратиқ бор ахир... 

    Ҳар иккиси ҳам ўйга толди. Яна хайрни насия қилиб, ўз тилида ўзаро гаплашиб кетиб қолишди. Сафаримиз якунига етай деганда улар яна йўлимни кесиб чиқишди. Биринчи бўлиб Алиса гап бошлади: 

— Мусулмон бўлмоқчиман! Дугонам яна бир карра ўйлаб кўради. Хўш, динингнинг шартлари қандай? Қийин эмасми? Уни қайси китобдан ўргансам бўлади?... 

Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. 

— Субҳоналлоҳ! — дедим. 

— Бу нима деганинг? — тушунолмай сўради Алиса. 

    Ўзимни қўлга олиб, Яратганга шукр айтиб, дўстимнинг саволларига жавоб бердим. У эса қолган вақтда фақат китоб дўконларига кириб, турли тиллардаги Қуръони каримни йиғишга тутинди.... 

Учоққа чиқиш олдидан ҳар иккиси ўз совғасини берди. Мен ҳам уларга шарқ алломаларининг сара асарларидан ҳадя қилдим... 

Орадан анча вақт ўтиб, Алисадан мактуб олдим. У бир мусулмон йигитга турмушга чиқибди. Фарзандларига ҳам Аллоҳни танитаётган экан... 

P.S: Ҳикоя Qadriyat.uz сайтида эълон қилинган. Муаллиф: Абдулатиф Абдуллаев