Украина Донбассда ўтказган аксилтеррористик амалиётнинг энг қизғин палласи – 2015-йилда, жанговар танк ва вертолётларни экспорт қилган. Bmpd ҳарбий блоги хабар қилишича, стратегиялар ва технологиялар Маркази, Украина экспорт назорати Давлат хизматига таянган  ҳолда шу ҳақда маълум қилган. 

Хорижга сотилган техникалар орасида совет даврида ишлаб чиқилган 11 дона Т-72М1 танки (Нигерияга сотилган) ва 4та Т-72 (Эфиопия) ҳамда Украина маҳсулоти бўлган 5 дона «Оплот» танки (Тайландга сотилган) бор. Бундан ташқари, Жанубий Суданга совет даврига оид 3та зарба берувчи Ми-24В-МСБ ва 2та Ми-24В вертолётлари етказиб берилган.

Хорижга сотилган қурол-аслаҳалар орасида  — 12 дона совет даврига тегишли 122-миллиметрли Д-30 гаубица, 20та Украинада ишлаб чиқилган БТР-3 зирҳли машинаси ва унинг негизидаги машиналар бор. Улар, Тайландга юборилган. 

Айни чоғда, Lost Armour порталининг хабарига кўра, Украина Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлари чоғида катта миқдорда ҳарбий техникаларини бой берган. Ҳисоб-китобларга кўра, Украина армиясининг мингдан ортиқ танк, БМП, БТР ва бошқа турдаги зирҳли техникалари йўқ бўлган. Бундан ташқари, 7та жанговар, 2та транспорт ва битта айғоқчи самолёти, шунингдек 11та вертолёт ҳам жанглар қурбони бўлган.