Тошкентда Ўзбекистонда эмлаш орқали юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада эришилаётган натижалар, иммунизация дастурини молиялаштиришни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сэбин вакцина институти (АҚШ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, давлат органлари, жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, журналистлар иштирок этди. 

Ўзбекистонда миллий эмлаш тақвими яратилиб, ўн саккиз ёшгача бўлган болалар ўндан кўпроқ касалликка қарши бепул эмланмоқда. Иммунопрофилактика тадбирларига кетадиган маблағлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётир. 2015 йилда ушбу мақсадлар учун 13 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди.  

Миллий эмлаш тақвими ривожланган давлатлар тажрибаларидан келиб чиқиб доимий бойитиб борилаётир. 2014 йилда бу соҳага янги ротавирус инфекцияси, 2015 йилда пневмокок инфекциясига қарши вакцина жорий этилди.