Андижон вилоятида 11-15 кунлари бўлиб ўтган “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусидаги тарғибот тадбирлари юқори кўтаринкилик ва юксак савияда ўтказилди. Тадбирга ташриф буюрган Республика Маънавият тарғибот маркази вакиллари ва санъат намоёндалари вилоятдаги 70 мингдан зиёд аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлдилар. Учрашувларда юртимизнинг бугунги кунда барча соҳаларда қўлга киритиб келаётган улкан ютуқлари, шу билан бирга, ҳозирги мураккаб замонда ёшларимиз онгини миллий қадриятларимизга ёт бўлган зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга ҳар биримиз жиддий ёндошишимиз лозимлиги эътироф этилди. Эркин мунозара тарзида ўтган машваратларда аҳоли вакиллари ва ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топдилар.

15 июль куни Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг Амфитеатр мажмуасида тадбирнинг катта гала концерти тинчлик, фаровонлик, ғурур-ифтихор айёмига айланиб кетди. Катта экранда “Ким эдигу ким бўлдик” видеоролиги намойиш этилди.

Шундан сўнг таниқли санъат усталари, театр ва кино актёрлари, ёш эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Андижон бўйлаб ўтказилган тадбирлар давомида халқимизнинг кўнглида кўтаринки кайфият, сурур ва бугунги кунидан шукроналик ҳисси беқиёс даражада кўтаринки эканлигига гувоҳ бўлдик.

 

Андижондан  Элмурод Эрматов ва Рустамжон Эшонов тайёрлади.