Туркия хавфсизлик хизмати вакиллари мамлакат пойтахти Анқара шаҳридаги президент саройини эгаллаб олишга уринган гуруҳнинг 13 нафар аъзосини қўлга олди. Бу ҳақда Анадўли ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Бу вақтда Фатҳулло Гулен томонидан ташкил қилинган "Хизмет" гуруҳи тарафдорлари туркияликлар ва мамлакатдаги хорижликларнинг хавфсизлигидан хавотирларини билдиришган. Гуленнинг тарафдорлари томонидан маълум қилинишича, бугунги воқеаларга "Хизмет" гуруҳи алоқадор эмас.

"Биз Туркиянинг ички ишларига ҳар қандай ҳарбий аралашув бўлишини қоралаймиз", дейилган баёнотда.

Бироз олдинроқ, Туркия бош вазири Биноли Йилдирим давлат тўнтарилишида Туркия Қуролли кучларини айблаш тўғри эмаслигини айтиб ўтганди.

"Давлат тўнтарилишида Қуролли кучлар таркибидаги бир қисм иштирок этди", деган вазир NTV эфири орқали.

Бундан ташқари, у Туркия Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий қўмондонлик вазият устидан назоратни қўлга олганини қўшимча қилган.

Туркия Адлия вазири Бекир Бўздоғ ҳам давлат тўнтарилиши Фатҳулло Гунел ташкилотчилигидаги "Хизмет" гуруҳи томонидан амалга оширилганини иддао этган.