Чехиялик теннисчи Томаш Бердих Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада иштирок этишдан бош тортган теннисчилар қаторини тўлдирди. Бердих бу ҳақда фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди. 

"Афсус билан айтишим керакки, Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада иштирок этмайман. Мен бу мушкул қарорни яқинларим билан узоқ вақт давом этган муҳокамадан кейин қабул қилдим. Бу менинг шахсий қарорим, бироқ мен мухлисларимга вазиятни тушунтирим кераклигини ҳис қилмоқдаман. 

Иштирокдан воз кечишимнинг сабаби – Бразилиядаги Зика вируси эпидемиясидир. Оилам соғлиғи мен учун устувор масаладир. Менинг қароримдан ранжиган барчага узримни келтираман", деб ёзди теннисчи.  

Бунгача Олимпиадада иштирок этишдан дунёнинг энг яхши 30 теннисчисидан 9 нафари воз кечганди, улар: Милош Раонич (7), Доминик Тим (9), Жон Иснер (16), Ник Кирьос (18), Бернард Томич (19), Фелисьяно Лопес (20), Люка Пуи (21), Бенуа Пэр (22), Сэм Куэрри (29).