Ислом диний раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулен, 16 июль куни Туркиядаги давлат тўнтаришини шахсан қоралашини маълум қилди, деб хабар қилмоқда Франс Пресс агентлиги. Бундан аввал, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Гуленни мамлакатдаги ҳарбий исёнда бевосита алоқаси борлиқда айблаган эди. 

Аввалроқ, Рейтерс агентлиги тарқатган хабарга кўра, Гуленнинг АҚШда жойлашган тарафдорлари Туркиядаги давлат тўнтаришига алоқадорликларини рад этишган эди. 

Расмий Анқара Гуленнинг Туркиядаги тарафдорлари фаолиятини "параллел давлат" деб ҳисоблайди. Эрдўғаннинг фикрича, Гулен Туркия ҳокимиятини ағдаришга уриниб келади.
 
Аввалроқ, Гулен билан алоқадорликда гумон қилиниб, юзлаб ҳарбийлар, полиция ва хавфсизлик хизмати офицерлари ҳибсга олинган, Истанбул суди Гуленни қўлга олиш бўйича буйруқ берганди.