АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп ўзига вице-президентликка номзод сифатида Индиана губернатори Майкл Пенсни танлаганини маълум қилди. Трамп номзод номини  15 июлда Нью-Йоркдаги матбуот-анжуманида айтиши керак эди, бироқ у Ниццадаги теракт сабабли ўз нутқини кейинга қолдирганди. 

"Мен вице-президентликка губернатор Майк Пенсни танлаганимни эълон қилишдан хурсандман", деб маълум қилинмоқда Трамп твиттерида.

Трампнинг айтишича, бу бўйича матбуот-анжуман 16 июль маҳаллий вақт билан соат 11.00да бўлиб ўтади.

Пенс 57 ёшда бўлиб, у 2013 йилда губернатор бўлган, бунгача эса 12 йил давомида Индиана штатидан вакиллар палатаси аъзоси бўлган. Пенс ўзининг ультраконсерватив қарашлари билан маълум бўлиб, конгрессда Ироққа бостириб кирилишига, Гуантанамонинг ёпилиши ва бир жинсли никоҳларнинг қонунлаштирилишига қарши овоз берган.

Унинг губернаторлиги вақтида Индианада абортлар учун жавобгарлик кучайтирилган.